Янгиликлар

26 Апрель 2023

Бугун Олмазор туманида Миллий гвардия тасарруфидаги "Ёш гвардиячи" болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди

Очилиш маросимида Миллий гвардия қўмондонлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, сектор раҳбарлари ҳамда масъуллар бугунги кунда муҳтарам Президентимиз томонидан ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланганлиги, ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларни мунтазам спорт билан шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитларни яратишга асосий эътибор қаратилаётганлиги алоҳида эътироф этишди.

Маросимда мазкур спорт даргоҳини қуришда жонбозлик кўрсатган бир гуруҳ фуқароларга Миллий гвардия қўмондонининг эсдалик совғалари, ташаккурномалари топширилди.

2022 йилда мактаб фаолиятида туб ислоҳотлар амалга оширилиб, Тошкент "Ёш гвардиячилар” болалар ва ўсмирлар спорт мактабида спорт турлари бўйича секциялар сони 7 тадан 13 тага, олимпия спорт турлари бўйича тўгараклар сони 3 тадан 6 тага, спорт бўлимлари сони 8 тадан 12 тага, умумий гуруҳлар сони 30 тадан 51 тага оширилди.

Спортнинг “волейбол”, “камондан отиш”, “қўл жанги” ва “слаломда эшкак эшиш” турлари бўйича янги секциялар жорий этилди.

Ушбу секцияларда шуғулланувчи ёшлар сони 210 нафардан 544 нафарга етказилди, улардан 151 нафарини қизлар ташкил этади.
Спортга берилаётган эътибор натижасида 2022 йилда “Ёш гвардиячилар” болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ўқувчилари республика, минтақа ва жаҳон миқёсида ўтказилган нуфузли спорт мусобақаларда иштирок этиб, тарихда илк маротаба 61 та олтин, 62 та кумуш, 73 та бронза медалларини қўлга киритдилар.

Таъкидлаш жоизки келгусида ҳам ёшларни спортга кенг жалб қилиш уларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда комил инсон бўлиб вояга етишлари барча имкониятлар сафарбар этилади.