Тошкент шаҳри Миробод туманида Қўриқлаш департаменти раҳбари бошчилигидаги ишчи гуруҳ амалий ишларни давом эттирмоқда
Аввал хабар берганимиздек, Тошкент шаҳри Миробод туманида Қўриқлаш департаменти раҳбари бошчилигидаги ишчи гуруҳ маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида амалий ишларни давом эттирмоқда.
Жумладан, Департамент бошлиғи полковник Қ.А.Шодибеков Миробод тумани ИИО ФМБ бошлиғи подполковник У.С.Насриддинов ҳамроҳлигида туман деҳқон бозорида хавфсизликни таъминлаш тизимини ўрганишди. Бозор маъмуриятига кузатув маркази фаолиятини ташкил этиш, юздан аниқловчи видеокузатув камераларини (Face ID) самарадорлигини ошириш, савдо дўконларини дахлсизлигини таъминлашда қўриқлаш тизими имкониятларидан фойдаланиш бўйича кўрсатмалар ва топшириқлар берилди.
Шунингдек, "Alfraganus" кўнгилочар-савдо объектида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фавқулодда ҳолатларда ҳаракатланиш тизими ўрганилди. Марказ маъмуриятига умумий хавфсизлик билан бир қаторда алоҳида болалар майдончаларида эвакуацияни ташкил этиш бўйича қўшимча тушунтиришлар берилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фавқулодда вазиятлар бошқармалари билан ҳамкорликдаги ҳаракатлари натижадорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шу билан бирга Толариқ маҳалласи ва унга туташ ҳудудларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида ҳам ишлар ўрганилди. Маҳаллий аҳоли ва савдо объектлари раҳбарлари билан суҳбатлар ташкил этилиб, муаммолар ўрганилди. Ҳудудларни замонавий қўриқлашнинг техник воситалари билан жиҳозлаш, объектларни қўриқловга олиш орқали жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш натижадорлиги тушунтирилди. Масъулларга 3 сменалик хизматни ташкил этиш, куч воситаларни самарали тақсимлаш орқали жиноятчиликни олдини олиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Департамент бошлиғи бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг амалий ишлари давом этмоқда.