Ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шунингдек хизмат интизомини мустаҳкамлаш ва қонунчиликка риоя этиш масалалари юзасидан давра суҳбати ташкил этилди
Хизмат интизомга, қонунчиликка ва ахлоқий меъёрларга риоя қилиш муҳимлигини янада англатиш ва кучайтириш мақсадида ташкил қилинган мазкур тадбирга ходимлар ва уларнинг ота-оналари, шунингдек, соҳа мутахассислари ҳамда ҳуқуқий тартиботни таъминлаш учун масъул шахслар таклиф этилди.
Тадбир аввалида мутахассислар томонидан содир бўлиши мумкин бўлган турли салбий ҳолатлар ва уларнинг оқибатларига тўхталиб ўтилди. Шундан сўнг йўл транспорт ҳодисалари, коррупция, фирибгарлик ва бошқа ҳуқуқбузарликларга қарши курашишнинг аҳамияти муҳокама қилиниб, салбий ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда хизматга тўғри ёндашиш усуллари кўриб чиқилди.
Шунингдек, хизмат юзасидан савол билан юзланган иштирокчиларга амалий тажрибаларга таянган ҳолда йўл-йўриқ ҳамда маслаҳатлар берилди.
Таъкидлаш жоизки, мавзуга оид намойиш этилган видеоролик барчани огоҳликка ва ҳушёрликка чақирганлиги билан аҳамиятли бўлди.
Тадбир якунида хизмат фаолиятини намунали тарзда ўтаётган ходимларнинг ота-оналарига ташаккурномалар топширилди.