Ёшларнинг таътил кунларини мазмунли ўтказиш мақсадида "Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – ватанимиз!" шиори остида ватанпарварлик фестивали ташкил этилди
Андижон вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси ташаббуси билан Ҳарбий прокуратура, Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда Булоқбоши туманида жойлашган соғломлаштириш оромгоҳида дам олаётган болажонлар иштирокида "Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – ватанмиз!" шиори остида ватанпарварлик фестивали ташкил этилди. Фестиваль доирасида ўғил-қизлар арқон тортиш, эстафета, камондан ўқ отиш бўйича ўз имкониятларини синовдан ўтказиб, мусобақаларда фаол иштирок этишди. Тадбирнинг бадиий қисмида Андижон гарнизони ҳарбий оркестри ва Фахрий қоровул бўлинмаси ҳарбий хизматчиларининг чиқишлари ҳамда қурол-аслаҳа, ҳарбий техникалар кўргазмалари намойиш этилди.
Кўтаринки руҳда ўтган фестиваль ёшларга қуролли кучлар тизими билан яқиндан танишиш, ҳарбий соҳага қизиққанларга соҳа вакиллари билан ҳамсуҳбат бўлишга имкон яратди.
Тадбир якунида ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ёшларни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, уларда миллий қадриятларимиз, анъаналаримизга содиқлик туйғусини шакллантиришда бу каби тарғибот тадбирларининг аҳамияти беқиёсдир.